Суд органларида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш

Коррупция ҳуқуқий давлат барпо этиш йўлидаги энг жиддий тўсиқлардан бири ҳисобланади. Айниқса, суд органларида коррупциянинг мавжудлиги қонун устуворлиги принципига зид бўлиб, фуқароларнинг адолатга бўлган ишончини пасайтиради. Ўзбекистон Республикасида суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш жараёнида коррупцияга қарши курашиш масаласи алоҳида эътибор марказида турибди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёев ўз маърузаларида “суд тизимида адолат ва шаффофлик бўлмаса, ислоҳотлар самара бермайди” дея таъкидлаганлар.

Коррупцияга қарши курашиш ҳуқуқий демократик давлат қуришнинг муҳим шарти ҳисобланади. Суд органлари адолатни қарор топтирувчи асосий институт сифатида фаолият юритар экан, мазкур тизимда коррупцияга йўл қўйилиши бутун ҳуқуқий тизим самарадорлигига салбий таъсир кўрсатади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 106-моддасига мувофиқ, суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятдан мустақил равишда амалга оширилади. Мазкур норма суд органларида коррупцияга қарши курашишнинг конституциявий асосини ташкил этади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида “Судьялар мустақилдир, фақат қонунга бўйсунадилар” деб белгиланган бўлиб, мазкур қоида суд органларида коррупцияга йўл қўймасликнинг конституциявий асоси ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш соҳасида мустаҳкам норматив-ҳуқуқий база яратилган. Хусусан, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунда коррупция “шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатлар йўлида қонунга хилоф равишда фойдаланиши” сифатида таърифланади.

Мазкур Қонуннинг 5-моддасида коррупцияга қарши курашишнинг асосий принциплари сифатида қонунийлик, очиқлик, давлат органлари фаолиятининг шаффофлиги белгилаб берилган. Бу принциплар суд органлари фаолиятига ҳам тўлиқ татбиқ этилади.

Шунингдек, “Судлар тўғрисида”ги Қонунда судьяларнинг мустақиллиги, дахлсизлиги ва ҳисобдорлиги қонун йўли билан мустаҳкамланган бўлиб, бу коррупциявий таъсирларнинг олдини олишда муҳим ҳуқуқий кафолат ҳисобланади.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишга қаратилган фармон ва қарорлари асосида қатор амалий чора-тадбирлар жорий этилди. Жумладан:

-суд ишларини автоматлаштирилган электрон тақсимлаш;
-электрон судлов тизимини кенг жорий этиш;
-суд қарорларини очиқ электрон платформаларда эълон қилиш.

Бу чоралар инсон омилини камайтириш орқали коррупция хавфини сезиларли даражада пасайтиради. Айрим олимларнинг фикрича, рақамлаштириш “суд тизимида холислик ва ошкораликни таъминловчи энг самарали воситалардан бири” ҳисобланади.

Судьяларнинг касбий фаолиятида ахлоқий меъёрларга риоя этиш коррупцияга қарши курашишда муҳим аҳамиятга эга. Судьялар одоб-ахлоқ кодексига мувофиқ, судья ҳар қандай манфаатлар тўқнашувидан қочиши ва ўз хизмат вазифасини виждонан бажариши шарт.

Коррупциявий хатти-ҳаракат содир этган судьяларга нисбатан интизомий, маъмурий ёки жиноий жавобгарлик қонунга мувофиқ қўлланилиши белгиланган бўлиб, жавобгарликнинг муқаррарлиги коррупцияга қарши профилактиканинг муҳим элементи ҳисобланади.

Суд тизимида коррупциянинг мавжудлиги:
адолатли судлов принципининг бузилишига;
фуқароларнинг судга бўлган ишончининг пасайишига;
инсон ҳуқуқлари кафолатларининг заифлашишига;
давлатнинг халқаро ҳуқуқий нуфузига салбий таъсир кўрсатилишига олиб келади.

Суд органларида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш ҳуқуқий давлат барпо этишнинг ажралмас қисми ҳисобланади. Ўзбекистон Республикасида яратилган қонунчилик базаси, институционал ислоҳотлар ва судьялар одоб-ахлоқ нормалари суд тизимида шаффофлик ва адолатни таъминлашга қаратилган. Ушбу чора-тадбирларнинг изчил амалга оширилиши фуқароларнинг судга бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Жиноят ишлари бўйича Денов туман судининг судьяси                                     Б.М.Диёров

Previous post Qarz shartnomasi yuridik hujjat 
Next post Sud tizimini raqamlashtirish va korrupsiyaga qarshi kurashish masalalariga bag‘ishlangan davra suhbati o‘tkazildi

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *