Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 11 сентябрдаги «Барқарор иш ўринларини яратиш ва кичик бизнесни жадал ривожлантириш орқали аҳоли даромадларини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ–193-сон Фармони қабул қилинди. Ҳужжат кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш, бандликни таъминлаш ва эҳтиёжманд оилаларга манзилли кўмак кўрсатишнинг янги механизмларини белгилайди.
Фармонда барқарор иш ўринларини яратиш ва аҳоли даромадларини ошириш бўйича ҳудудий ҳамда туман (шаҳар) штаблари фаолияти назарда тутилган. Туман ва шаҳар штаблари ҳар бир эҳтиёжманд оила ва ишсиз фуқаро бўйича ишга жойлаштириш, касбга ўқитиш, тадбиркорликка жалб қилиш ёки бошқа даромад манбаини яратишга қаратилган индивидуал режаларни тасдиқлайди.
Молиявий ресурслар туман даражасида бошқарилади. 2026 йил якунига қадар туман (шаҳар) штаблари ихтиёрига турли манбалар ҳисобидан жами 3,2 триллион сўм ресурс йўналтирилиши белгиланган. Оилавий тадбиркорлик ва ёшлар тадбиркорлиги дастурларининг имтиёзли кредит ресурсларини бошқариш ваколати ҳам ушбу штабларга ўтказилади.
Ижтимоий реестрга киритилган оилаларни кооперацияга жалб қилган етакчи тадбиркорларга туман (шаҳар) штаби қарори асосида 5 миллиард сўмгача, жалб қилинган ҳар бир оила учун 50 миллион сўм ҳисобидан, гаров таъминотисиз кредит ажратилишига рухсат берилди.
2027 йилдан ижтимоий кўмакнинг айрим турлари ваучер орқали берилади. Ижтимоий реестрга киритилган оилалар фарзандларининг мактабгача таълим ташкилотларидаги белгиланган тўловларини қоплаш, мактаб ўқувчиларини қўшимча таълимга жалб қилиш ва уларнинг бориб-келиш йўлкира харажатларини қоплаш шулар жумласидандир. Қўшимча таълимга бориш-келиш йўлкираси учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваригача маблағ ажратилади.
Шунингдек, Ижтимоий реестрга киритилган оилаларнинг кундузги таълим шаклида ўқиётган талаба фарзандлари учун Фармон иловасида белгиланган талабалар турар жойи ва ижара харажатларини қоплаш назарда тутилган. Ушбу ваучерларнинг амал қилиш муддати 12 ой бўлиб, оила шу даврда Ижтимоий реестрдан чиқарилса ҳам, ваучердан белгиланган муддат охиригача фойдаланиш ҳуқуқи сақланади.
Оилаларнинг эҳтиёжмандлиги кенгроқ мезонлар асосида баҳоланади. 2027 йил 1 январдан ижтимоий ёрдам ва хизматларга муҳтожликни аниқлашда молиявий ҳолат билан бирга сурункали касалликлар, ногиронлик, ташқи меҳнат миграцияси ва кўп болалилик каби омиллар ҳам инобатга олинади. Оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати балли баҳолаш тизими орқали аниқланади.
Меҳнат шартномаси асосида ишлаётган хотин-қизларга ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаган кундан фарзанди бир ёшга тўлгунига қадар Давлат ижтимоий суғурта жамғармаси томонидан болани парваришлаш нафақасини тўлаш тартиби ҳам 2027 йил 1 январдан жорий этилади.
Фармонда корхоналарнинг ходимлари учун мактабгача таълим объектлари ва вақтинча яшаш уй-жойларини қуриш, шунингдек, айрим турар жой харажатларини қоплаш билан боғлиқ сарфларига солиқ енгилликларини назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини киритиш вазифаси қўйилган. Шу боис бу енгилликларни ҳозирдан амал қилаётган имтиёз сифатида талқин қилиш тўғри бўлмайди.
Мазкур чоралардан кўзланган мақсад — ажратилган маблағ ҳажмининг ўзи билан чекланмай, ишга тушган лойиҳалар, яратилган барқарор иш ўринлари ва даромади ошган оилалар сони бўйича амалий натижага эришишдир.
Бахтиёр ИСМОИЛОВ,
Денов туман адлия бўлими ЮХКМ бош юрисконсульти, 2-даражали юрист.