Мамлакатимизда давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида, шу жумладан, инсон ҳуқуқлари ҳамда эркинликларининг кафолати сифатида адолатли суд-ҳуқуқ тизимини шакллантириш борасидаги ислоҳотлар изчил давом этмоқда.
Судловнинг одиллигини таъминловчи ҳуқуқий майдон — умуминсоний қадриятлар ва умумэътироф этилган ҳуқуқ андозаларига асосланган, шаклан ва моҳиятан янги қонунлар, Президент фармонлари қабул қилинмоқда. Уларнинг асосига қонунийлик, демократизм, одиллик, инсонпарварлик, жиноий қилмиш учун жавобгарликнинг муқаррарлиги каби одилона принциплар қўйилган.
Бугун суд-ҳуқуқ тизимида ўтказилаётган ислоҳотлар, фақат сўздангина иборат бўлиб қолмаслиги, балки амалий қиёфа касб этиши учун ислоҳотлар жараёни собитқадамлик билан давом эттирилмоқда.
Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш ҳамда рақамлаштириш жараёнларини жадаллаштирилиши, шунингдек, судларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари учун қулай шарт-шароитлар яратиб берилиши судлар фаолиятидаги очиқлик, шаффофлик ҳамда судларга келиб тушган ҳар бир мурожаат(даъво ариза, ариза)нинг адолатли, қонуний ва холисона кўриб чиқилишини таъминлашда муҳим ахамият касб этди.
Бир нарсани тан олишимиз керак: судларнинг мустақиллиги, фуқароларнинг уларга нисбатан ишончининг ортиши, жамиятимизда кенг кузатила бошланди. Социологик тадқиқотлар, ўз муаммоларига ечим топиш учун, арзларини икки энлик қоғозга тушириб, турли катта-кичик ташкилотларнинг қабулхоналарида сарғайиб юргувчиларнинг сони камайиб, судларга мурожаат этишлар кўпая бошлаганини эътироф этмоқдалар. Бу эса юртдошларимизнинг ҳуқуқий онги, ҳуқуқий маданияти юксалиб бораётганидан ҳам дарак беради.
Бу борада, фуқаролик ишлари бўйича Денов туманлараро суди томонидан ҳам 2025 йил давомида одил судловни амалга ошириш борасида қатор ишлар амалга оширилди.
Жумладан, туманлараро суди томонидан 2025 йил давомида туманлараро суди томонидан жами 34.298 та даъво ариза ва аризалар кўриб тамомланган.
Шундан даъво тартибида 6.405 та фуқаролик ишлари кўриб тамомланган бўлиб, кўриб тамомланган ишлардан 4.482 таси қаноатлантирилган, 899 таси рад қилинган, 47 таси иш юритишдан тугатилган, 977 таси кўрмасдан қолдирилган.
Ишлар тоифасига кўра, кредит шартномалари юзасидан келиб чиққан низолар бўйича 876 та, уй-жойга киритиш тўғрисида кўрилган ишлар бўйича 76 та, алимент ундириш ҳақида кўрилган ишлар бўйича 914 та, меҳнат низолари бўйича 97 та, ер низолари бўйича 253 та даъво аризалари кўрилиб қаноатлантирилган.
Шунингдек, никохдан ажратиш тўғрисидаги ишлар бўйича судлар томонидан 117 та оила яраштиришга эришилган.
Жорий йил давомида 26.218 та суд буйруқлари чиқарилган бўлиб, шундан 2.092 таси вояга етмаган болалар таъминоти учун алимент ундириш тўғрисидаги, 68 таси ходимларнинг тўлаб берилмаган иш ҳақларини ундириш тўғрисида чиқарилган суд буйруқларини ташкил этади.
Туманлараро суди судьялари томонидан 2025 йил давомида жойларда жами 137 та тарғибот ишлари амалга оширилган бўлиб, шундан телевиденияда 7 маротоба, радиода 8 маротоба, веб сайт ва бошқа ахборот воситаларида 18 маротоба, аҳоли ўртасида ва ўқув муссасаларида 104 маротоба тарғибот ишлари амалга оширилган.
Юқоридаги келтириб ўтилганлардан шундай хулосага келишимиз мумкин. Мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида ўз танлаган тараққиёт йўлидан олға силжимоқда. Ўтган шу тарихан қисқа вақт мобайнида амалга оширилган ишларнинг салмоғи беқиёс.
Ҳуқуқий-демократик давлат ва фуқаролик жамияти шаклланишида суд ислоҳотлари алоҳида ўрин тутади. У давлатимиздаги уч забардаст ҳокимиятнинг бири сифатида, фуқароларимизнинг ҳуқуқлари, эркинликлари дахлсизлиги, қонун олдида барчанинг баробарлиги, мамлакат манфаати ва эл фаравонлиги йўлида қабул қилинаётган қонунлар ва ижронинг Конституцияга мувофиқлигини таъминлаш – бир сўз билан айтганда жамиятда қонун ва адолат тамойилларини барқарор тутиш кафолатидир.
СУЛАЙМОН ПАНЖИЕВ,
Фуқаролик ишлари бўйича Денов туманлараро
суди раиси вазифасини вақтинча бажарувчи.