14январь Ватан ҳимоячилари куни  

1991 йил 1 сентябр мамлакатимиз ва кўп миллатли халқимиз тарихида ўчмас из қолдиргани шак-шубҳасиз. Айнан ушбу санада азалий орзу-умидимиз — мамлакат мустақиллиги қўлга киритилди.

Собиқ Иттифоқ Қуролли Кучлари таркибида бўлган ва Ўзбекистон ҳудудида жойлашган ҳарбий тузилмалар Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг асосчиси ва биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг фармонига мувофиқ 1992 йил 14 январдан республика юрисдикциясига ўтказилди.

1993 йил 29 декабрда эса Ўзбекистон Республикасининг тарихий аҳамиятга эга бўлган 1018-XII-сонли “Ватан ҳимоячилари кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Ушбу қонун билан юрт ўғлонларининг Ватанимиз миллий мустақиллигини ҳимоя қилишдаги ўрни, аждодларимизнинг она юрт ҳимояси йўлида жонларини аямай қилган фидоийликлари ҳамда келажак авлоднинг муқаддас Ватан ҳимоясидаги масъулияти қонун даражасида эътироф этилди.

Қонунда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг мамлакат мустақиллигини ва ҳудудий яхлитлигини таъминлаш, халқимизнинг тинч ҳаётини муҳофаза қилиш, мустақилликни мустаҳкамлаш йўлидаги бунёдкорлик меҳнатини ҳимоя қилишдаги, шунингдек ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашдаги аҳамияти алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Мустақиллигимизнинг илк, энг оғир даврларида мустақил давлатимиз армияси шаклланиб, қисқа вақт ичида ҳар томонлама замонавий армияга айланди. Миллий армиямизнинг тузилиши ва замонавий қиёфа касб этиши ҳақида сўз кетганда, Ўзбекистоннинг биринчи мудофаа вазири, генерал-полковник марҳум Рустам Ўрмонович Аҳмедовнинг беқиёс хизматларини эсламаслик мумкин эмас. У мустақилликнинг илк йилларида миллий армияни шакллантириш ишларига бош-қош бўлиб, ҳарбий техникани сақлаш, инфратузилмани ривожлантириш ва ҳарбий хизмат нуфузини оширишда муҳим роль ўйнаган.

Миллий армиямиз ва Қуролли Кучларнинг бошқа тузилмалари билан бир қаторда 2000 йилда Сариосиё ва Узун туманларининг тоғли ҳудудларига бостириб кирган халқаро террорчи гуруҳларни яксон қилишда, шунингдек мамлакатимизнинг оғир синовли кунларида турли ҳудудларда содир этилган террорчилик ҳаракатларини бартараф этиш ва уларнинг оқибатларини кам қурбон ва талофатлар эвазига бартараф қилишда фаол иштирок этгани юртимиз тарихининг шонли саҳифаларига олтин ҳарфлар билан ёзилди.

Миллий армиямизни ривожлантириш, уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, чуқур ва узоқ муддатли стратегик мақсадларга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш ишлари ҳозирги кунга қадар изчил давом этмоқда.

Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 15 ноябрдаги ПҚ-393-сонли “Ўқувчи-ёшларни чақирувга қадар бошланғич тайёрлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2022 йил 2 мартдаги ПҚ-150-сонли “Ватан таянчи” болалар ва ўсмирлар ҳарбий-ватанпарварлик ҳаракати фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорлари миллий армиямиз учун муносиб захира кадрлар тайёрлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиш ва ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда ўта муҳим аҳамият касб этмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, бугунги кунда миллий армиямиз ҳар қандай вазиятда эл манфаатига хизмат қила оладиган, ташқи таҳдид ва чақириқларга дадил жавоб бера оладиган, тактик тузилиши жиҳатидан мукаммал жанговор кучга айланган. Замонавий қурол-яроғлар билан тўлиқ таъминланган, сафларини ҳақиқий ватанпарварлар билан тўлдирган миллий армиямиз том маънода Ватан ҳимоячисидир.

Қуролли Кучлар хизматчиси
Денов туман 30-умумий ўрта таълим мактаби
ЧҚБТ раҳбари, майор: Ч.У. Жўраев

Мактаб “Ватан таянчи” отряди сардори: Матиров Аслиддин

Previous post Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Saudiya Arabistoni elchisini qabul qildi
Next post Oʻzbekiston Respublikasi Prezidenti Shavkat Mirziyoyevning Oliy Majlis va Oʻzbekiston xalqiga Murojaatnomasi

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *