Терговга қадар текширув – ишни судга қадар юритишнинг алохида босқичи бўлиб, жиноятга оид ариза, хабар ва бошқа маълумотлар бўйича далилларни тўплаб, текшириш ва баҳолаш йўли билан қонуний, асосланган ҳал қилув қарорини чиқаришга қаратилган процессуал ҳаракатлар кетма-кетлигидир.
Судга қадар иш юритишнинг ушбу босқичи аҳамияти шундаки, далилларнинг мустаҳкамлиги, процессуал ҳужжатларнинг тўғри расмийлаштирилиши, иш юритишнинг асосий йўналиши терговга қадар текширув босқичига бевосита боғлиқдир. Содда қилиб айтганда мазкур босқич иш юритишнинг пойдевори ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Жиноятпроцессуал кодексининг 329-моддасида жиноятга оид аризалар, хабарлар ва бошқа маълумотларни кўриб чиқиш тартиби белгиланган бўлиб, терговга қадар текширув муддатлари, ўтказилиши мумкин бўлган процессуал ҳаракатлар, якуни бўйича қабул қилиниши мумкин бўлган қарорлар доираси белгиланган.
Жумладан, жиноятга оид аризалар, хабарлар ва бошқа маълумотлар рўйхатга олингандан сўнг қуйидаги муддатларда ҳал қилиниши лозим: дарҳол, ўн сутка (жиноят ишини қўзғатиш учун сабаб қонунийлигини ва асослар етарли эканлигини текшириш зарурати бўлган тақдирда) ва бир ойгача.
Терговга қадар текширув муддати суриштирувчи, терговчи ёки терговга қадар текширувни амалга оширувчи орган мансабдор шахсининг асослантирилган қарорига кўра прокурор томонидан қуйидаги ҳолатлардан бири мавжуд бўлган тақдирда бир ойгача узайтирилиши мумкин:
1) ўтказиш учун кўп вақт талаб қиладиган экспертиза, хизмат текшируви, тафтиш ёки бошқа текширув тайинланган бўлса;
2) олис жойларда бўлган ёки чақирувга биноан ҳозир бўлишдан бўйин товлаётган шахслардан тушунтиришлар талаб қилиб олиш зарур бўлса;
3) янги ҳолатлар аниқланиб, уларни қўшимча тарзда текширмасдан туриб қарор қабул қилишнинг имкони бўлмаса.
4) етказилган моддий зарарнинг ўрнини ихтиёрий равишда қоплаш ва жиноят оқибатларини бартараф этиш учун Жиноят кодекси Махсус қисмининг тегишли моддасида белгиланган муддат ўтмаган бўлса.
Терговга қадар текширув ўтказишда қуйидаги процессуал ҳаракатларни, жумладан қўшимча ҳужжатлар, тушунтиришлар талаб қилиб олиш, шахсни ушлаб туриш, шахсий тинтув ва олиб қўйиш, ҳодиса содир бўлган жойни кўздан кечириш, экспертиза ўтказиш, тафтиш тайинлаш, тезкор-қидирув тадбирларини ўтказиш ҳақида топшириқлар бериш.
Терговга қадар текширув вақтида бошқа тергов ҳаракатларини ўтказиш ман қилинади.
Жиноят процессуал қонунчилигига асосан терговга қадар текширув натижасига кўра, қуйидаги қарорлардан бири қабул қилиниши белгиланган:
1) жиноят ишини қўзғатиш ҳақида;
2) ишни қўзғатишни рад қилиш ҳақида;
3) ариза ёки хабарни терговга тегишлилигига қараб юбориш ҳақида.
Тергов бошқарма терговчиси подполковник Ш.Шомуродов